Касалликларнинг олдини олиш ва даволашда комплекс ёндашув муҳим

Бугун Нукус шаҳрида “Бирламчи тиббий-санитария тизимида эндокрин касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва даволашда мультидисциплинар ёндашув” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов сўзга чиқиб, касалликлар профилактикаси бирламчи тизимда йўлга қўйилиши ва бунда турли йўналишдаги шифокорларнинг ҳамкорлиги муҳим эканини таъкидлашди.

Тадбирда эндокринология соҳасидаги етакчи мутахассислар, терапевтлар, диетологлар ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари эндокрин касалликларга қарши курашишнинг замонавий муаммолари ва самарали усулларини муҳокама қилишди.

Таъкидланишича, хасталикларни эрта ташхислаш, аҳолини скринингдан ўтказиш — уларни ўз вақтида даволаш ва асоратларнинг олдини олишнинг энг яхши усулидир.

Маълумки, қандли диабет ва семизлик каби эндокрин касалликлар аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиришда давом этмоқда. Скрининг дастурлари натижалари касалликнинг кўпайишини тасдиқлайди, бу эса ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва даволашда комплекс ёндашув муҳимлигини кўрсатмоқда.

Leave a Comment